Статья опубликована в рамках: Научного журнала «Студенческий» № 11(139)
Рубрика журнала: Педагогика
Скачать книгу(-и): скачать журнал часть 1, скачать журнал часть 2, скачать журнал часть 3
НАТЮРМОРТ ИШЛАШДА КОМПОЗИЦИЯНИНГ АҲАМИЯТИ
АННОТАЦИЯ
Ушбу мақола талаба-ёшларга натюрморт ишлаш жараёнида композициянинг тутган ўрни ўргатишга бағишланган бўлиб, педагог томонидан узоқ муддатли аудитория машғулотлари жараёнида композиция қонун - қоидаларидан унумли фойдаланиш масаласи кўриб чиқилган.
АННОТАЦИЯ
Статья посвящена обучению школьников роли композиции в процессе натюрморта и рассмотрению вопроса об эффективном использовании учителем правил композиции в ходе длительных аудиторных занятий.
Таянч иборалар: композиция, бадиий асар, ғоя, ўзаро боғлиқлик, дастгоҳли рангтасвир, макон, ранг, ёруғлик, уйғунлик, симметрия, мувозанат.
Ключевые слова: композиция, произведение искусства, идея, взаимозависимость, роспись скамейки, пространство, цвет, свет, гармония, симметрия, баланс.
Э. А. Кибрик айтганидек, “Композиция - қонуний ташкил қилинган организм, унинг ҳамма қисмлари мустаҳкам алоқада ва ўзаро боғлиқликда. Бу алоқа ва ўзаро боғлиқлик хусусияти рассомнинг ғоявий фикри билан белгиланади. Фикр моҳиятига хос бўлган конструктив ғоя композициянинг амалий асосини беради”.[1]
Дарҳақиқат, рассом борлиқни, унга таъсир қилган воқеа-ҳодисаларни ички кечинмалари, тафаккур олами, фикр доирасидан келиб чиққан ҳолда матога туширади. Лекин, бу чизилган тасвир композиция қонуниятларига бўйсунмас экан, у бадиий асар даражасига хеч қачон кўтарилмайди. Асарнинг конструктив ғояси тўғри топилмаса, унинг қисмлари ўзаро боғлиқликда бўлмаса бир бутун асар бўла олмайди.
Бирор бир нафис саньат асари композиция ечимисиз бўлиши мумкин эмас. Аниқ тарзга эга бўлган композицион ечим унга тегишли бўлган ҳаётий мазмунга алоқадор ва асосан у билан белгиланади. Композиция ўз сифати ва вазифасини мавзули картиналарда тўлақонли намоён этади.
Натюрмортда тасвирланаётган, мустақил акс эттирилган ёки картинада асар мазмунини бойитадиган ва тўлдирадиган буюмлар ўз эгасининг феьл-атворини, қизиқишини ёритишга ёки буюмларнинг шакли, ранги, материали, тузилишидаги ритмик, динамик ҳолатларни кўрсатишга қаратилади. Натюрморт жанрида яратилган асарлар асосан дастгоҳли рангтасвир, дастгоҳ графикаси ва рельефли ҳайкалтарошликда кузатилади. Энг кўп яратилган бадиий асарлар эса дастгоҳли рангтасвирда ишланган натюрморт ҳисобланади.
Талабаларга натюрморт ишлаш босқичларини ўргатишда, аввало, композиция қонуниятлари билан яқиндан таништириб чиқиш лозим, акс ҳолда чизиш учун қўйилган натура мазмун жиҳатидан бирор бир маьнога эга бўлмаслиги мумкин. Барча тасвирий материаллар, яьни асар компонентлари, манзара, буюмлар, макон, ранг ва ёруғликнинг асарда тенг тақсимланиши ҳам композиция қонуниятига асосланади. Уларни шунчаки тақсимлаб чиқиш эмас, балки, тартибга солиш, ҳар бир компонентни ўзаро боғлаш, улар орасида ўзига хос психологик, пластик боғлиқликни ўрнатиш зарур.
Натюрморт таъсирчан, ёдда қоладиган бўлиши учун унда асосий ғоя кучли бўлиши керак. Шунчаки, тасодифан терилиб қолган буюмларни натюрморт деб бўлмайди. Натюрморт композициясининг маьноли ва таьсирчан чиқиши учун эса уларда табиий боғланишда бўлиши зарур. Бунинг учун эса, аввало, бадиий асар ғояси пухта ўйлаб чиқилади. Натура композициявий яхлитлик, уйғунлик, симметрия ва ритм каби асосий композиция қонуниятларига биноан қўйиб чиқилади. Композицион усул, ўзаро нисбатлар, контрастлик, рангий ечим, нур ва соялар, пластика каби воситаларидан фойдаланиб натюрморт композицияси яратилади.
Натюрморт композицияси фронтал композиция ҳисобланади. Ижодкор талабалар томонидан кўпроқ мустақил бадиий асар сифатида фронтал композициялар яратилади. Айнан шу билан ҳам муҳит таьсири инъкор қилинади, масштаб, услубият, улар мавжуд бўлган фазони шакллантириш ҳақида ўйламаслик имкони туғилади.
Талаба бадиий асар устида ишлашни унча катта бўлмаган ҳажмдаги хомаки нусха ва чизгиларни бажаришдан бошлаши лозим[2]. Бу хомаки нусхалар ёрдамида талаба ижодий фикрини аниқлаб, жаъмлаб, муайян тўхтамга келади ва шундан сўнггина уни грунтланган мато ёки қоғозга кўчиради. Талаба бўлажак асар учун керакли тасаввурга ва зарурий материалларга эга бўлгандан кейингина картина устида иш бошлайди. Бунда у ўзи учун муҳим бўлган асосий ғояни ва нималарга эьтиборини қаратиши лозим эканлигини белгилаб олади.
Талаба натюрморт композицияси чизишни оддий графит қаламлар ёрдамида бошлайди ва бўёқлар ёрдамида тугаллайди. Чизиш техникаси эса ўз ўрнида кўпинча бўёқлар, эритгичлар ва асбобларнинг мослигига қараб танланади. Шунинг учун ҳам рангтасвирда натюрморт яратишда ранг қонуниятларини билиш ҳамда композициянинг уйғунлик қонуниятларига риоя қилиш муҳим ҳисобланади. [3]
Натюрморт композициясида уйғунлик ҳақида сўз борар экан, унинг асосий ва зарур шарти мувозанат ҳисобланади. Мувозанатда ҳамма нарса - элементларнинг миқдори, унинг шакли, оғирлиги, композицион текислик билан ўзаро муносабати, ранг, колорит ва фактура ечими ўзаро боғлиқликда бўлади. Шунингдек, уйғунликнинг бирлик ва бир-бирига бўйсунишлик қонуни ҳам натюрморт композициясида муҳим аҳамият касб этади.
Тасвирнинг ранглар жозибаси ва нафосати ёрдамида берилиши рангтасвирнинг алоҳида мезонларидан саналади. Бунда тасвир эмас, ғоянинг акс эттирилиши дейилса, мақсадга мувофиқ булади.
Дарҳақиқат, уй-рўзғор буюмлари бўладими ёки сабзавот мевалардан тузилган натюрморт, қатъий назар уларни асосий бадиий ғоя бирлаштиради ва биз уларни нечтасини ишлашимиз эмас, балки улар орқали нима демоқчи эканлигимиз мухим аҳамият касб этади.
Фойдаланилган адабиётлар:
- Кибрик Евгений. Объективные законы композиции в изобразительном искусстве. «Вопросы философии». 1967. № 106.
- D.A.Nazilov..”Kompozitsiya asoslari”. “Yangi asr avlodi” 2009-yil
- Rahmetov S. Dastgohli rangtasvirda kompozitsiya asoslari: San'at va oliy ta'lim o'quv yurtlari va kollejlari o'qituvchilari uchun metodik qo'llanma. T.: “Sharq” , 2007.
Оставить комментарий